Charter

 Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирининг

2021 йил “___” _________даги

______ -сон буйруғига

илова

 ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИНИНГ НУКУС ФИЛИАЛИ УСТАВИ

I. Умумий қоидалар

1.Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали (кейинги ўринларда матнда ЎзДКнинг Нукус филиали деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  186-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.

ЎзДК Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташкилий тузилмасига киради.

2. ЎзДКнинг Нукус филиали  давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълимнинг асосий ва қўшимча таълим Дастурларини бажариш бўйича таълим фаолияти билан шуғулланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув-педагогик, илмий-методик, илмий, ижодий, концерт-ижрочилик, шунингдек, бошқа фаолиятларни амалга оширади ҳамда таълим хизматларини кўрсатади.

3. ЎзДКнинг Нукус филиали ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим  вазирликларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва мазкур Уставга амал қилади.

4. ЎзДКнинг Нукус филиали  давлат таълим муассасаси ҳисобланади. Оператив бошқарувида ўзига хос махсус мол-мулкка эга ва ушбу мол-мулк бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ жавоб беради, ўз номидан мол-мулк сотиб олиши ва мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган
ва ўз номи ёзилган муҳрга, штамплар ва бошқа реквизитларга эга.

ЎзДКнинг Нукус филиали жойлашган юридик манзил:

__________________________________________________________

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги Ғазначилик бошқармасида МФО 00014, СТИР 207261053, 23402000300100001010-сонли ҳисоб рақами  ва  ҳисоб варағи 100108603040570941000056001 ОКОНХ 92110 Тошкент шаҳри Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг касса ҳисоб рақамига эга.

ЎзДК Нукус филиалининг ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларидаги расмий тўлиқ ва қисқа номи:

– ўзбек тилида: O‘zbekiston davlat konservatoriyasining Nukus filiali (OʻzDK NF);

– қорақалпоқ тилида: O‘zbekiston davlat konservatoriyasi Nukus filiali (OʻzDK NF);

– рус тилида: Нукусский филиал Государственной консерватории Узбекистана (НФ ГКУз);

– инглиз тилида: Nukus branch of the State conservatoriy of Uzbekistan (NB SKUz).

II. Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг

асосий вазифалари

5. ЎзДК Нукус филиалининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

– мусиқа санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

– илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;

– талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали ташкил этиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини мунтазам асосда йўлга қўйиш;

– кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, иқтидорли талаба ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;

– соҳа мутахассисларининг хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташларини тизимли ташкил этиш.

III. Ўқув-тарбиявий ва илмий-методик ишларнинг субъектлари,

уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6. Талабалар:

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг баённомасига асосан директорнинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинган шахс ЎзДК Нукус филиалининг талабаси ҳисобланади. Талабага талабалик гувоҳномаси ҳамда баҳолаш (кредит) дафтарчаси берилади.

ЎзДКнинг Нукус филиалига қонунчиликда белгиланган тартибда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган шахслар аризаларига биноан  Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш тартиби ва қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синовлари ҳамда касбий (ижодий) имтиҳонлар натижаларига кўра тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра амалга оширилади.

ЎзДКнинг Нукус филиалига қабул барча учун  (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, касбий (ижодий) имтиҳон синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳон синовлари баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар. Қонунчиликка мувофиқ касбий (ижодий) имтиҳон синовларисиз муайян имтиёз асосида ҳам ўқишга қабул қилиш кафолатланади.

7. ЎзДК Нукус филиалининг талабалари:

– фан, санъат ва маданиятнинг замонавий тараққиёт даражасига мос келувчи билимлар олиш;

– филиал ахборот ресурс марказида мавжуд бўлган китоблар, даврий нашрлар, электрон таълим воситаларидан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

– бепул маслаҳатлар ва тавсиялар олиш;

– аудиториялар, таълим жараёнига оид воситалардан ўрнатилган тартибда бепул фойдаланиш;

– таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда филиал, деканат ва кафедра раҳбариятига билдиришга ва уларни кўриб чиқилишини талаб қилиш;

– филиал  миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш;

– илмий тадқиқот ва ижодий ишларнинг барча турларида ва илмий конференцияларда қатнашишга ҳамда уларнинг натижаларини нашр этишга ва бу ҳақда ахборотлар бериш;

– филиалда қонуний равишда фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш ва улар ишида қатнашиш;

– сифатли ва юқори савияда билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқларга эгадир.

Талаба ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмаслиги, бу ҳуқуқлардан ўзга шахслар манфаатига зид мақсадларда фойдаланмаслиги шарт.

8. Давлат грантлари бўйича ва тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шаклида таълим олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб ва миқдорларда стипендия билан таъминланадилар. Тўлов-контракт асосида ўқиш талаба ихтиёрига қараб стипендияли ёки стипендиясиз бўлиши мумкин.

Талабалар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси, Навоий, Улуғбек, Ислом Каримов номидаги ва бошқа Давлат стипендиялари, шунингдек, ўқишга йўллаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайинлаган стипендияларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.

9. Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.

10. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кундузги ўқув шаклида таълим олаётган талабаларга ЎзДКнинг Нукус филиалида ўқиётган вақти давомида ҳарбий хизматга чақириш муддатини кечиктириш имкони берилади.

11. ЎзДКнинг Нукус филиалидан ўз ҳоҳиши ёки узрли сабабларга кўра четлаштирилган талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари асосида қайта ўқишга тикланиш ҳуқуқига эга.

Аввал филиалдан маъмуриятнинг ташаббуси билан четлаштирилган шахсларни барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Филиал талабалари ҳам белгиланган тартиб ва қоидалар асосида бошқа олий таълим муассасаларига ўқишларини кўчириш (ўқишга қайта тикланиш) ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасаларидан талабаларни ЎзДКнинг Нукус филиалига ўқишини кўчириш (ўқишга тиклаш) мумкин эмас.

Талабалар ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

12. ЎзДКнинг Нукус филиали  талабалари олий таълимнинг таълим дастурлари ва ўқув режасида назарда тутилган билимларни эгаллашлари, топшириқларнинг барча турларини белгиланган муддатда бажаришлари зарур ҳамда филиалнинг Уставига, Ички тартиб-қоидалари ва Талабалар турар жойлари қоидаларига риоя этишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, талабаларни ўқиш вақти ҳисобидан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ман этилади.

13. Ушбу Устав ва филиалнинг Ички тартиб-қоидаларида назарда тутилган мажбуриятларни бузгани тақдирда талабага нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари кўрилади: ҳайфсан ҳамда талабалар сафидан четлатиш.

Талаба ЎзДКнинг Нукус филиалидан қуйидаги ҳолларда ҳам четлаштирилиши мумкин:

а) ўз ҳохишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муссасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссияси маълумотномаси асосида);

г) академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг Ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ж) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

з) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

и) вафот этганлиги сабабли.

ЎзДКнинг Нукус филиали маъмурияти ташаббуси билан талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар филиал касаба уюшмасининг ёзма розилигини  инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Низомнинг 36-банди “г” кичик бандига кўра четлаштирилаётган бўлса, филиал Ёшлар ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.

Интизомий жазога тортилган талаба ўзига қўлланилган жазо чорасининг қонунийлиги ва адолатлилиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда норозилик билдириши мумкин.

Талабага нисбатанқўлланилганинтизомий жазо юзасидан маълумот унинг шахсий йиғма жилдида сақланади.

Интизомий жазолар талабаларнинг касаллик ёки таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмаган ҳолда хатти-ҳаракат аниқлангандан сўнг бир ойдан ва хатти-ҳаракат содир этилганидан сўнг олти ойдан кечиктирилмай қўлланилади. Талабалар касаллик пайтида, академик таътил ёки ҳомиладорлик ва туғиш ҳолати билан боғлиқ бўлган таътил пайтларда талабалар сафидан четлаштириш мумкин эмас.

Касаллик пайти талаба (ёки унинг ота-онаси) томонидан ЎзДКнинг Нукус филиалига маълум қилиниб, ариза ва тегишли маълумотномалар (одатда бир ҳафтадан кечиктирилмасдан) тақдим этилади.

14. ЎзДКнинг Нукус филиалида таълим ишлари ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда амалга оширилади.

Филиалнинг профессор ўқитувчилари таркиби, ўқув-ёрдамчи
ва маъмурий-хўжалик ходимлари (персонали)

15. Филиалда профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, муҳандислик-техника, маъмурий-хўжалик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизматчилар лавозимлари мавжуд.

Профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, ассистент лавозимлари киради.

16. Профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимларни эгаллаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февраль  
20-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ танлов асосида меҳнат шартномаси бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг  2017 йил 30 июндаги 406-сонли буйруғига мувофиқ филиалнинг директор ўринбосарлари, директор тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади.

17. ЎзДКнинг Нукус филиалининг профессор-ўқитувчилар таркиби
ва илмий ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– белгиланган тартибда филиал Кенгашига сайлаш ва сайланиш;

– филиалнинг фаолиятига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

– филиалнинг ахборот-ресурс маркази, ўқув, илмий ва ижодий бўлинмаларнинг хизматларидан, шунингдек, ижтимоий-маиший, тиббий
ва бошқа бўлимлар хизматидан жамоа шартномасига мувофиқ фойдаланиш;

– ўқитишнинг услуб ва воситаларини танлаш, ўқув ва илмий жараённинг юқори сифатини таъминловчи илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш;

– филиал маъмуриятининг буйруқ ва фармойишлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш;

– қонунчиликда белгиланган тартибда танловларда қатнашиш, лавозимларни эгаллаш;

– ўзлари ишлаётган кафедрадан ташқари бошқа  кафедра, ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаш (асосий иш жойи билан келишилган ҳолда);

– хорижий мутахассисларнинг соҳага доир илмий ва ўқув-услубий  адабиётлари билан танишиш ва улар билан фикр алмашиш;

– ўз фани бўйича сифатли дарсликлар ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш;

– назарий билимларини, амалий тажрибасини, илмий тадқиқот олиб бориш услубини, педагогик маҳоратини такомиллаштириб бориш;

– талабаларнинг илмий тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

– грантлар, илмий лойиҳалар, хўжалик шартномаларида иштирок этиш;

– Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасига оид қонунчилигида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

18. ЎзДКнинг Нукус филиали профессор-ўқитувчилар таркиби
ва илмий ходимларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

– таълим тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ва технология интизоми, филиал Устави, ички тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш;

– ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш ва ўқитувчилик шаънига доғ туширмаслик;

– иш жараёнида мулоқат қиладиган филиал ходимлари, талабалари
ва бошқа шахслар билан хушфеъл муносабатда бўлиш;

– иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, ҳар йили тасдиқланадиган шахсий режа асосида ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, хусусан:

а) ўқув юкламалари ҳажмини, ўқув-услубий, илмий ўқув-ташкилий ишларни тасдиқланган шахсий режа асосида бажариш ва маънавий-маърифий ишларда иштирок этиш;

б) дарслик, ўқув қўлланма тайёрлаш, ўқув адабиётлар, илмий мақолалар, монографиялар ёзиш;

в) тарбиявий ишларни олиб бориш, талабалар билан маънавий-маърифий ишларда бевосита иштирок этиш, шу жумладан, дарсдан ташқари вақтларда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш;

д) Кенгаш томонидан тасдиқланган кафедра илмий маърузаларида иштирок этиш;

е) ўз малакасини мунтазам равишда ошириш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитариясига доир қоидаларга  риоя қилиш;

– филиалнинг мол-мулкини авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш;

– иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий моддий зарарни қоплаш;

– филиал жамоатчилик ишларида қатнашиш;

– педагогик ва илмий жараённинг самарадорлигини таъминлаш;

– замонавий талаблар даражасида таълим олувчиларнинг танлаган  йўналиши (мутахассислиги) бўйича юксак касбий тайёргарликни, меҳнатга бўлган қобилиятни шакллантириш;

– чет тили ва ахборот технологияларидан саводхонлигини ошириб бориш;

– таълим олувчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий қобилиятни шакллантириш;

– “Устоз-шогирд” тизимида иштирок этиб, ўзига бириктирилган шогирдлар билан илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни амалга ошириш;

– ўзининг одоби, маданияти, маънавий савияси билан ўрнак бўлиш;

– кийиниш маданиятига риоя этиш;       

– республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан  хабардор бўлиш;

– филиал, кафедра томонидан ташкил этиладиган маданий, маънавий, маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш;

– ўзи ўқитадиган фан дастурини мунтазам фан ва техника ютуқлари асосида бойитиб бориш;

– дарсларни юқори савияда ўтиш;

– фан йўналишига тегишли янги манбаларни топиш ва улар билан талабаларни таништириб бориш;

– ҳар ўқув йили бошлангунга қадар ўзи ўқитадиган
фан(лар)нинг ишчи ўқув дастури, календарь режаси
ва назорат жадвалини ишлаб чиқиш ва кафедра мажлисида
тасдиқлаш;

– назорат турларини ўз вақтида ўтказиш;

– талабалар билимини холисона баҳолаш;

– янги педагогик технологияларни дарс жараёнида қўллаш;

– илмий салоҳият ва педагогик маҳоратини ошириш;

– талабалар илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

– олий таълим ҳамда маданият тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш.

19. Филиал профессор-ўқитувчи ва ходимларининг чет эл хизмат сафарлари Маданият вазирлиги ҳамда ЎзДКнинг Нукус филиали билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

20.  ЎзДК Нукус филиали профессор-ўқитувчилар таркиби
уч йилда камида бир маротаба ўз малакасини ошириш кафолатини  таъминлайди.

21. ЎзДКнинг Нукус филиалининг маъмурий-хўжалик, муҳандислик-техника, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизмат ходимларининг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари филиалнинг Ички тартиб-қоидалари ва лавозим йўриқномалари билан белгиланади.

IV. Ўқув-тарбиявий ва илмий-методик ишлар

22. ЎзДКнинг Нукус филиали қуйидаги йўналиш ва мутахассисликлар бўйича олий таълим дастурларини амалга ошириши мумкин:

а) ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (бакалавриат) ўқув шакли  кундузги

5111000  – Профессионал таълими: 5150600 –  Вокал санъати (академик хонандалик)
5111000  – Профессионал таълими: 5150700  – Чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)
5150200  – Санъатшунослик: мусиқашунослик
5150500  – Дирижёрлик (турлари бўйича)
5150600  – Вокал санъати: академик хонандалик
5150700  – Чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)

б) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (бакалавриат) ўқув шакли (сиртқи)

5111000  – Профессионал таълим: 5150600 –  Вокал санъати (академик хонандалик)
5111000  – Профессионал таълим: 5150700  – Чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)

в) магистратура

5А150202  – Мусиқа санъати
5А150601  – Академик хонандалик
5А150702  – Чолғу ижрочилиги (турлари бўйича)

Изоҳ: кейинги ўқув йилларида ЎзДКнинг Нукус филиали консерваториянинг бошқа таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш ишларини келишувлар асосида йўлга қўйиши мумкин.

23. ЎзДКнинг Нукус филиали  таълимнинг асосий таълим дастурларини икки босқичда амалга оширади: бакалавриат ва магистратура.

Бакалавриат – таълим йўналиши бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, ўқиш муддати 3-4 йилдан кам бўлмаган таянч олий таълим босқичидир.

Бакалавр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари асосида таълим йўналиши бўйича “бакалавр” даражаси берилади ҳамда давлат намунасидаги диплом топширилади.

Магистратура – йўналишнинг муайян мутахассислиги бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, бакалавриат негизида, ўқиш муддати 2 йилдан кам бўлмаган олий таълим босқичидир.

Магистр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари бўйича тайёрланган муайян мутахассислик бўйича “магистр” даражаси берилади ва давлат намунасидаги диплом топширилади.

Бакалавр ва магистрлик давлат намунасидаги диплом унинг эгаларига касбий фаолият билан шуғулланиш ёки танланган таълим йўналишига ва мутахассислигига мувофиқ таълим муассасаларининг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқини беради.

24. ЎзДКнинг Нукус филиалида таълим жараёнини ташкил этиш – таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқиладиган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва фанларнинг дастурлари, филиал директори (ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари) томонидан тасдиқланган йиллик календарь ўқув жадвали ҳамда машғулотлар жадвали билан тартибга солинади.

Таълим жараёнини мақсадли йўналтириш йўли билан ташкил этиш, яъни таълим шакллари, услуб ва воситаларни танлаш йўли билан олий таълим муассасаси талабаларига олий таълимнинг асосий касбий таълим дастурларини ўзлаштириш учун зарурий шароитларини яратиб берилиши лозим.

Таълим-тарбия жараёнининг бирлиги давлат таълим стандартлари билан таъминланади. Филиалнинг гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлари кафедралари, маънавий-маърифий ва спорт бўғинларига, талабалар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан амалга оширилади.

25. ЎзДКнинг Нукус филиалида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари белгиланган: маъруза, амалий машғулот, лаборатория иши – якка машғулот (амалий ижрочилик ёки ижодкорлик билан боғлиқ бўлган санъат йўналишларида), семинар, консультация, назорат иши, коллоквиум, мустақил иш, амалиёт, бакалаврлик битирув малакавий иши (ижодий асарлар, ёки ижодий ишлар, ёки ижро дастури) ҳамда магистрлик диссертацияси (ижодий асарлар, ёки ижодий ишлар, ёки ижро дастурлари ва уларнинг матн кўринишидаги қисқа ёзма тавсифи).

Аудитория машғулотларининг бир жуфтлиги учун 80 дақиқалик вақт белгиланади. Ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқа бўлади.

Таълим ва тарбия олиб бориладиган тиллар: ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз тиллари ҳисобланади.

26. ЎзДКнинг Нукус филиалида кадрлар тайёрлаш ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган  ҳолда олиб борилади.

Олий таълимнинг асосий касбий таълим дастури доирасида таълим олишнинг барча шакллари учун ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва “Узстандарт” агентлигида давлат рўйхатидан ўтказилган давлат таълим стандарти қўлланилади.

27. ЎзДКнинг Нукус филиалида ўқув йили икки семестрга бўлинади ва унинг ҳар бирида талабаларнинг ўзлаштириши турли (баҳолаш, кредит белгилаш) назорат шаклларида олиб борилади.

Ўзлаштирган талабаларни курсдан курсга ўтказиш ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари тавсиясига биноан директор буйруғи билан амалга оширилади. Талабаларни курсдан курсга шартли ўтказиш мумкин эмас.

Олий таълимнинг таълим дастурларини ўзлаштириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган “Олий таълим муассасалари талабалари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тартибга солинади, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида”ги Низомга асосан битирувчиларнинг якуний аттестацияси билан тугалланади.

28. ЎзДКнинг Нукус филиалида ўқитишнинг замонавий шакл
ва методлари, илғор педагогика, инновация ва ахборот коммуникация технологиялари, электрон ахборот ресурслари, жумладан, интернетдан кенг фойдаланган ҳолда, таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш ҳисобига мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга йўналтирилган илмий-услубий ишлар амалга оширилади.

V. Олий таълим муассасасининг таркиби

29. ЎзДК Нукус филиалининг таркибига қуйидагилар киради:

– Директорнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича ўринбосари

– Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

– Директорнинг молия-иқтисодиёт ишлари бўйича ўринбосари

– Ўқув-услубий бўлим

– Маънавий-маърифий ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими

– Режа-молия бўлими

– Бухгалтерия

– “Мусиқа санъати” факультети деканати

– “Мутахассислик фанлари” кафедраси

– “Умумкасбий ва ижтимоий фанлар” кафедраси

– Ахборот-ресурс маркази

– Ахборот-технологиялари маркази

– Техник фойдаланиш ва хўжалик бўлими

– Девонхона ва архив

– Кадрлар бўлими

– Ички назорат ва мониторинг бўлими

– Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими

– Юрисконсульт

– Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси бўлими

– Талабалар турар жойи

– Спорт иншоотлари

– Ўқув театри

VI. Олий таълим муассасасини бошқариш

30. ЎзДКнинг Нукус филиалини бошқариш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда ушбу Уставга мувофиқ якка раҳбарлик ва филиалнинг Кенгаши, Васийлар кенгаши орқали жамоатчилик бошқарувини уйғунлаштириш тамойили асосида амалга оширилади.

31. ЎзДКнинг Нукус филиалини бевосита бошқариш Маданият вазирлигининг 2017 йил 30 июндаги 406-сонли буйруғига мувофиқ тайинланадиган директор томонидан амалга оширилади.

Директор филиал фаолиятига, шунингдек, филиалнинг Жамоа шартномаси, Ички тартиб-қоидалари, Одоб-ахлоқ кодекси, Олий таълим тўғрисидаги Низом ҳамда мазкур Уставда белгиланган мажбуриятлар учун тўла масъулдир.

Директор Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ филиал номидан иш олиб боради, барча идоралар, муассасалар, корхоналарда унинг вакили сифатида қатнашади, филиалнинг мол-мулкига масъуллик қилади, шартномалар тузади, ишончномалар беради, банк муассасаларида филиалнинг ҳисоб рақамларини очади, молиявий маблағлардан ўрнатилган тартибда фойдаланиш бўйича фармойишлар беради.

Филиал директори ваколати доирасида:

– филиалнинг барча ходимлари, талабалари ва бошқа таълим олаётганлар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва топшириқлар беради;

– филиал директор ўринбосари лавозимига номзодларни тавсия этади ва директор ўринбосарлари вазифалари ҳамда масъулиятларини белгилайди;

– филиал ходимлари ва хизматчиларини, шунингдек, илмий-педагогик ходимларини Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ишга олиш ва бўшатишни амалга оширади;

– филиал ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар
ва қўшимчаларни белгилайди;

– касаба уюшма қўмитаси ёки филиалнинг бошқа ваколатли органи билан келишган ҳолда Жамоа шартномаси, Ички тартиб-қоидалари, Одоб-аҳлоқ кодексини тасдиқлайди;

– филиалнинг амалдаги қонун ҳужжатлари ёки Вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган буйруқларини бекор қилади;

– филиалда Намунавий штат бирликларига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳамда иш ҳақи фонди, тасдиқланган филиал ходимларининг сони ва лавозим маошлари, тариф сеткаси доирасида филиал профессор-ўқитувчилари таркиби ва филиал ходимларининг штат бирлигини тасдиқлайди ҳамда лавозим маошларини белгилайди;

Филиал директорига ўзи ишлаётган филиалда ва ундан ташқарида ҳақ тўланадиган бошқа раҳбарлик лавозимида (педагогик иш, илмий ва илмий-методик раҳбарликдан ташқари) ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат этилмайди.  Директор ўз вазифаларини ўриндошлик бўйича бажариши мумкин эмас.

32. “Олий   таълим  тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ЎзДКнинг Нукус филиалида филиал фаолиятининг асосий масалаларини кўриш учун Кенгаш ташкил этилади.

Кенгаш таркибига директор киради ва у Кенгаш раиси ҳисобланади, директор ўринбосарлари, деканлар, кафедралар мудирлари, шунингдек, талабалар ва филиал  ходимлари касаба уюшмаси кенгаши вакиллари киради. Филиал Кенгашининг бошқа аъзолари умумий мажлисда яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Профессор-ўқитувчилар таркибидан Кенгашга сайланадиганлар сони директор буйруғи билан белгиланади.

Кенгашнинг ваколати, уни сайлаш ва фаолият юритиш тартиби таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган “Олий таълим муассасасининг Илмий Кенгаши тўғрисида”ги Низом билан белгиланади.

33. ЎзДКнинг Нукус филиалида Васийлар кенгаши филиални бошқарувчи жамоатчилик органи ҳисобланади. Унинг таркибига муассис-вазирликлар, маҳаллий ҳокимият, ишбилармон доиралар, жамоатчилик ташкилотлари, жамғарма ва васийлар, бошқа таълим муассасаларининг вакиллари киритилиши мумкин.

Васийлар кенгашининг таркиби, ваколатлари, шакллантириш таркиби
ва фаолияти “Васийлар кенгаши тўғрисида” ги Низом билан белгиланади.

34. ЎзДКнинг Нукус филиалида касаба уюшмалари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари фаолият кўрсатади. Талабалар ва ходимлар манфаатларини ҳимоялашни таълим ва фан касаба уюшмалари ҳамда уларнинг филиалда сайланган органлари амалга оширади. Талабалар ва ходимлар ваколат органларининг ҳуқуқлари ва уларга нисбатан филиал маъмуриятининг мажбуриятлари касаба уюшмаси ва жамоатчилик ташкилотлари низомларида ифода этилади.

Амалдаги низомларга мувофиқ ЎзДКнинг Нукус филиалида илмий ва ихтиёрий жамиятлар, илмий-услубий, илмий-техник кенгашлар ва комиссиялар, ёш олимлар кенгаши ва бошқалар ташкил этилиши мумкин.

Филиал директори ва Кенгаш ўз фаолиятида филиал жамоатчилик ташкилотларининг тавсияларини кўриб чиқади ва ўз фаолиятларида уларни ҳисобга олади.

35. Кафедра мудири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ танлов асосида филиалнинг Кенгаши томонидан сайланади.

Кафедра мудирининг ваколатлари ва кафедра фаолиятининг тартиби “Олий таълим муассасасининг кафедраси тўғрисида”ги Низом билан белгиланади.

VII. Молия хўжалик фаолияти ва моддий-техник база

36. ЎзДКнинг Нукус филиалига ушбу Уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида оператив бошқариш ҳуқуқи билан давлат (таъсисчи) томонидан бинолар, иншоотлар, мулкий мажмуалар, олий таълим муассасасининг паспортига мувофиқ асбоб-ускуналар, шунингдек, истеъмол, ижтимоий, маданий ва бошқа мақсадлар учун зарур бўлган мулклар бириктирилади.

ЎзДКнинг Нукус филиалига ажратилган ер участкалари филиалга муддатсиз текин фойдаланиш учун бириктирилади.

37. ЎзДКнинг Нукус филиалига жисмоний ва юридик шахслардан совға, ҳадя ёки васият бўйича берилган пул маблағлари, мол-мулк ва бошқа мулкий объектларга, филиал фаолиятининг самараси ҳисобланган интеллектуал ва ижодий маҳсулотларга, шунингдек, ўз фаолияти орқали оладиган даромадлар ва бу даромадлар ҳисобидан сотиб олинадиган мулкий объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилади.

38. ЎзДКнинг Нукус филиали мол-мулкни ижарага олувчи ва мол-мулкни ижарага берувчи сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида”гиНизомга мувофиқ олий таълим муассасаси ўзига бириктирилган ижарага берилиши қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмлари, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари шаклидаги давлат мулки ва бошқа мол-мулкларни Кенгашнинг розилиги билан белгиланган нархлар бўйича ижарага беришни амалга оширади.

Ижара ҳақи сифатида олинган маблағлар таълим жараёнини таъминлаш ва уни ривожлантириш учун фойдаланилади.

39. ЎзДКнинг Нукус филиалининг таълим фаолиятини молиявий таъминлаш давлат грантлари асосида мутахассислар тайёрлаш учун ажратилган бюджет маблағлари, давлат томонидан белгиланган нормативлардан келиб чиққан ҳолда қайта тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш ҳисобига ажратилган маблағлар, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар, жумладан, талабалар ва тингловчиларни ўқитиш учун белгиланган тартибда олинган тўлов-шартнома асосидаги маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

40. ЎзДКнинг Нукус филиалининг асосий фаолиятига зарар етмайдиган тартибда таълим ва бошқа соҳаларда пуллик хизмат фаолиятини амалга ошириши, бу мақсадда студия, пуллик курслар, тўгараклар, фирма ва бошқа тузилмалар ташкил қилиши мумкин. Филиал шуғулланадиган тадбиркорлик фаолияти мазкур Уставда белгиланган вазифаларга мос келиши керак.

Филиал ўз мулки билан хўжалик жамиятлари ва ширкатларнинг устав жамғармасида қатнашиш, пуллик таълим хизматлари, консультациялар ва бошқа хизматлар учун нархларни белгилаш, солиқ ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбурий тўловлардан сўнг қолган даромадни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Филиал Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда мазкур Уставга зид бўлмаган шартномаларни тузиш, мажбуриятлар ва бошқа шартларни белгилаш бўйича масалаларни мустақил ҳал қилади.

41. ЎзДКнинг Нукус филиалида лавозим маошлари меҳнат шартномаси (битими) тузилаётганда “Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги Низом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ белгиланади. Филиал ходимига лавозим маоши (ставка), ўз функционал вазифаларни ҳамда меҳнат шартномасида назарда тутилган ишларни бажарганлиги учун тўланади. Қўшимча маош, устама ва бошқа моддий рағбатлантириш тадбирларининг ҳажмини филиал мустақил, иш ҳақи фонди доирасида қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва ҳажмда белгилайди.

42. Филиал қошида тиббий-санитар муассасаси фаолият кўрсатиб, унга иситиш, ёритиш ва сув таъминоти билан таьминланган хоналар ажратилади.

Филиалнинг тегишли биноларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки янгиларини қуриш, уларнинг молиявий таъминоти қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

VIII. Халқаро ҳамкорлик

43. ЎзДКнинг Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг (ЎРҚ-637-сон 23.09.2020 й.) 67-68-моддаларига мувофиқ халқаро ҳамкорлик ишларида иштирок этади, чет давлатларнинг тегишли ўқув юртлари билан бевосита алоқалар ўрнатиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқароларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, филиал илмий-педагогик ходимларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўқитувчилик ва илмий-тадқиқотчилик ишлари – давлатлараро органининг хорижий давлатларнинг таълимни бошқариш бўйича тегишли органлари орасидаги шартномалар, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ чет эл фуқаролари ва хорижий юридик шахслар билан бевосита тузган шартномалари асосида амалга оширилади.

44. ЎзДКнинг Нукус филиали қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– халқаро нодавлат ташкилотларга кириш;

– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари деб қаралиши мумкин бўлмаган, хорижий шериклар билан ҳамкорликдаги фаолият тўғрисида белгиланган тартиб асосида шартномалар тузиш;

– хорижий шериклар иштирокида филиалнинг таркибий бўлинмалари (марказлар, лабораториялар, техник саройлар ва бошқа бўлинмалар)ни қонунчиликда кўзда тутилган тартибда ташкил этиш;

45. ЎзДКнинг Нукус филиали Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ушбу Уставда назарда тутилган ва “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да белгиланган вазифаларни бажаришга, шунингдек, халқаро алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

46. ЎзДК Нукус филиалининг ташқи иқтисодий фаолиятидан тушган валюта, моддий тушумлари қонунчиликка биноан унинг Уставида белгиланган фаолиятини таъминлаш учун ишлатилади.

IX. Якуний қоидалар

47. ЎзДКнинг Нукус филиали Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда қўйидагиларга жавоб беради:

– ўз ваколатига киритилган вазифаларни бажармаганлиги;

– таълим жараёнида ўқув режа ва жадвалларга мувофиқ таълим дастурлари ҳажмини тўлиқ бажармаганлиги;

– таълим жараёни вақтида филиалда таълим олувчилар
ва ходимларининг ҳаёти ва соғлиғи;

– таълим олувчилар ва филиал ходимларининг ҳуқуқ
ва эркинликларининг бузилганлиги;

– Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа хатти-ҳаракатлар.

48. ЎзДКнинг Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида қайта ташкил қилиниши ёки тугатилиши мумкин.

49. Филиалнинг Устави “Давлат олий таълим муассасасининг Намунавий Устави”да белгиланган тавсияларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Филиал томонидан ишлаб чиқилган ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланиб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан  бошлаб кучга киради.

Филиалнинг Уставига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Филиал директори                                     _____________________